Хитой миллий ядро корпорацияси қошидаги "China Zhonguyan Engineering Corporation" вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди

06 - июнь 2022 / 17:29 454
Жорий йилнинг 2 июнь куни "Ўзатом" агентлигида Хитой миллий ядро корпорацияси қошидаги "China Zhonguyan Engineering Corporation" вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Музокаралар чоғида томонлар атом технологияларининг қўлланилиши ва кадрлар тайёрлаш масалалари бўйича ўзаро манфаатли бўлган ҳамкорлик ўрнатиш борасида фикр алмашдилар. Хитой томони, катта, ўртача ва кам қувватли атом электр станцияларини, ҳамда ўзларининг лойиҳаси асосида яратилган юқори ҳароратли газ ёрдамида совутиладиган реакторни қуриш бўйича мавжуд тажрибага оид презентацияларини тақдим этди. Хитой вакиллар Ўзбекистон томонига ўзаро яқин ҳамкорликни ўрнатишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув натижасида, атом энергетикасини ривожлантириш соҳасида узоқ муддатли икки тарафлама ҳамкорлик ўрнатиш ва ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Шунингдек, Хитой делегацияси компания томонидан Хитойда қурилган ва қурилажак ядро объектлари фаолияти билан яқиндан танишишга, ҳамда тажриба орттиришга таклиф қилди.

Эслатиб ўтамиз, China Zhongyuan Engineering Corporation (CZEC), Хитой Миллий ядро корпорациясининг (CNNC) бош корхонаси ва хориждаги ихтисослашган бизнес платформаси ҳисобланади. Бундан ташқари, ушбу корхона катта миқёсдаги мижозлар учун ихтисослашган хорижий ядровий лойиҳаларнинг фаолият кўрсатиш даври масалалари билан шуғулланади.

China Zhongyuan Engineering Corporation (CZEC) 1983 йилда ташкил этилган. Бугунги кунга қадар, у Хитой корхонаси сифатида биринчи марта хориждаги йирик ядровий иншоот - Бирин Жазоир ядровий тадқиқот марказини лойиҳалаштирган ва қурган. Шунингдек, компания Покистонда PWR технологиялари бўйича тўртта 300 МВт қувватга эга бўлган АЭС блокларини қурган, ҳозирги вақтда барча қувват блоклари тармоққа уланган. Бундан ташқари, жорий йилда Карачида (К-2/К-3) (Покистон) CZEC томонидан фойдаланишга топширилган 1000 МВт қувватга эга иккита атом энергия блоки тижорат мақсадларида фойдаланишга топширилди.

"Ўзатом" агентлиги матбуот хизмати